AVTO YANGILIKLAR

Қандай қилиб автокредит олиш мумкин? Ва бу қанча туради?

Охирги пайтда маҳаллий автосаноатимиз вакиллари халқимизга тез-тез янгиликларни тақдим қилиб туришибди. Тўғрисини айтганда, бу хабарлар унчалик ҳам ёқимли эмас.  Автомобиллар  ўз миллий валютамиз – сўмга сотила бошланса ҳам, автосалонларга шартнома олиш учун ошиқишга унчалик иштиёқ йўқ. Бунинг ўзгача сабаби ҳам бор: миллий валютада сотиладиган автомобилларнинг нархи 30% га ошди. Бу янгиликни “ҳазм” қилишга улгурмай турганимизда ўзбекистонликларни яна бир бор қалқитган навбатдаги хабар эълон қилинди:

Қандай қилиб автокредит олиш мумкин

Энди юртимиз фуқароларига миллий автомобилларни қўлга киритишнинг янги имконияти тақдим этилмоқда. Керакли миқдордаги сўмингиз йўқми – автомобилнинг 75% нархига тенг миқдорда кредит олинг. Ҳозирча бундай кредитларни «Асака» ва «Алоқабанк»лар бермоқда. Тез орада автокредитларни «Ипотека» ва «Капиталбанк» лар ҳам тақдим эта бошлашади.

«Асакабанк» дан қарздор автокредит олиш учун ариза ёзиши ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши талаб этилади:

-              паспортнинг асли ва унинг нусхаси, ариза берувчининг СТИР (ИНН)  ва ШЖБПҲ (ИНПС) нусхаси;

-              яшаш жойидан маълумотнома;

-              охирги 12 ой учун олган даромади бўйича иш жойидан маълумотнома (ариза берувчининг лавозими, иш берувчининг номи ва СТИР кўрсатилган ҳолда, ШЖБПҲни сақловчи банкнинг коди);

-              «GM Uzbekistan» АЖ дилери ва кредит маблағлари ҳисобига автотранспорт воситасини харид қилувчи қарздор ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси. 

Кафилликни олган шахснинг ҳужжатлари:

-              паспортнинг асли ва унинг нусхаси, ариза берувчининг СТИР (ИНН)  ва ШЖБПҲ (ИНПС) нусхаси;

-              яшаш жойидан маълумотнома;

-              охирги 12 ой учун олган даромади бўйича иш жойидан маълумотнома (ариза берувчининг лавозими, иш берувчининг номи ва СТИР кўрсатилган ҳолда, ШЖБПҲни сақловчи банкнинг коди).

Банкларда ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 5 иш кунини ташкил этади.

Фоиз ставкаси ариза берувчи олдиндан тўлов сифатида тўлайдиган бошланғич бадал суммасига боғлиқ бўлади.

Хусусан, машина қийматининг 35% игача – йиллик ставка 18%; қийматининг 45% игача – йиллик 17%; машина қийматининг 45% идан юқори – йиллик 16%; олдиндан тўловсиз – йиллик 23% ни ташкил этади.

«Асака» қарздорга кредит бўйича 3 ойлик имтиёзли тўлов даврини тақдим этишга тайёр, бунда қарздор асосий қарзни эмас, балки фақат фоизларни тўлайди.

Иккаласининг ёши 30 дан ошмаган ёш оилалар имтиёзли автокредитдан фойдаланиб қолиш имкониятига эгадирлар.  Бундай кредит унинг қийматининг камида 25% и олдиндан тўланадиган мажбурий шартда йиллик 9% асосида берилади. Ёш оилалар учун ҳам кредитлаш муддати уч ойлик имтиёзли давр билан 3 йилни ташкил этади.

Ҳа, айтганча,  «Алокабанк» олдиндан тўловсиз кредит беришни кўзда тутмаган. Бундан ташқари, банк ёш оилаларга имтиёзли автокредитни ҳам тақдим этмайди. 

Бу қандай ишлайди:

автокредит олиш мумкин

Банкда сизга керакли ҳужжатларнинг рўйхатини беришади. Барча ҳужжатлар тўпланиб бўлганидан кейин сиз автосалон билан шартнома тузасиз, квитанцияни оласиз ва яна Банкка қараб йўлга тушасиз.

Банк фақат кредитни кўриб чиқиш учун 0,5 ЭКИҲ миқдорида бир маротабалик тўлов амалга оширилгандан кейингина ҳужжатлар тўпламини 5 иш куни ичида кўриб чиқади.

Бир куннинг ўзида сиз ҳужжатларни топширасиз ва бошланғич  фоиз бадалини тўлайсиз. Банк сизнинг номингизга депозит «Омонат дафтарчаси»ни очади ва пулни автосалон ҳисобига ўтказиб юборади. Тамом вассалом.  Энг муҳими, тўлов 7 иш кунида амалга оширилиши керак, акс ҳолда, сизнинг автосалон билан тузган шартномангиз бекор қилинади. Автомобиль етказиб бериш муддатлари шартнома тузилган автосалонга боғлиқ бўлади. Ўртача ҳисобда автомобиль етказиб беришга 3 ойдан кўп вақт кетиши мумкин. Кредит берган банкнинг етказиб бериш муддатларига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Кредит бўйича тўловларни қарздор автомобиль етказиб берилгандан кейин эмас, балки кредит шартномаси тузилган пайтдан бошлаб тўлай бошлайди.

Қарздор кредитнинг бутун муддатига автомобилнинг тўлиқ нархини суғурталаб қўйиши талаб этилади.

Шундай қилиб,  автомат позициясидаги Spark 2 автомобили мисолида ҳисоб-китобларни амалга ошириб кўрамиз. Автомобилнинг умумий нархи 17 456 АҚШ доллари, бу Марказий банкнинг 20 июндаги курси бўйича 68 617 965 сўмни ташкил этади.

Агар бирламчи бадал – 35% бўлса, у ҳолда бадал суммаси 24 016 287,8 сўм бўлади. Қарзнинг қолган суммаси -  44 601 678 сўм.

Йиллик 17% бўлса, 3 йил ичида сиз Банкка  56 291 034 сўм (Банк % + асосий қарз) тўлайсиз.

Ушбу суммага бирламчи бадални қўшсак, маҳаллий автомобилнинг кредитга олинган ҳақиқий баҳосини билиб оламиз...

Мана шунақа гаплар…

автокредит

Professional avtoustalar yordamiga Ustabor.uz yordamida murojaat qiling.